17:55 Янги таҳрирдаги Божхона кодекси | |
Янги таҳрирдаги Божхона кодекси 21 апрелдан кучга киради2016 йил 21 январда эълон қилинган "Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун билан янги таҳрирдаги Божхона кодекси тасдиқланди. Кодекс қоидалари шу йил 21 апрелдан кучга киради. Янги таҳрирдаги Божхона кодекси 12 бўлим, 59 боб ва 412 моддадан иборат. Унда божхона фаолиятига доир тушунчалар аниқ ва тушунарли тарзда баён этилган: Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудуди ва чегараси, божхона мақсадлари, юридик ва жисмоний шахслар, товарнинг кузатув ҳужжатлари кабиларга тўлиқ изоҳ берилган. Кодексда товарларни ва транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтишга оид қоидалар ўрин олган. Уларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш шартлари, бу жараёнда талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилган. Демак, товарлар ва транспорт воситалари божхона ҳудудига олиб кирилаётганда, автотранспорт воситасида халқаро ташиш чоғида автотранспорт воситасига тааллуқли, товарга тааллуқли ҳужжатлар талаб этилади. Бу сув, ҳаво, темир йўл транспортида халқаро ташиш кабиларга ҳам тааллуқли. Янги таҳрирдаги Божхона кодексининг кучга кириши Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолияти самарадорлиги янада ошишига хизмат қилади. Ички бозорни сифатсиз ва контрабанда маҳсулотларидан ҳимоя қилишнинг, хўжалик юритувчи субъектлар, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари, шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларнинг жаҳон бозорларига чиқиши учун қўшимча қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратади. | |
|