17:54 Ўзбекистонлик спортчилардан яна бири.... | |
Ўзбекистонлик спортчилардан яна бири "Рио-2016" ўйинларига йўлланмани қўлга киритдиЮнон-рим кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Дилшод Турдиев Қозоғистоннинг Астана шаҳрида XXXI ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланмалар ўйналаётган Осиё саралаш турнирида кумуш медалга сазовор бўлди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда. Шу тариқа Дилшод Турдиев "Рио-2016” ўйинларига йўлланмани қўлга киритди. Оғирлик вазни 75 кг.гача бўлган полвонлар мусобақасида гиламга тушган тажрибали спортчимиз чорак финалда япониялик Шохей Ябикуни 9:0, ярим финалда қирғизистонлик Атабек Азисбековни 5:4 ҳисобида мағлуб этиб, ҳал қилувчи финалга чиқди. Дилшод ҳал қилувчи беллашувда кореялик Хьёнву Кимга имкониятни бой берди ва кумуш медаль совриндори бўлди. Иккинчи кунги мусобақаларда гиламга тушган ҳамюртларимиздан яна бири Мўминжон Абдуллаев (-130 кг) ҳам "Рио-2016” йўлланмасини қўлга киритишга жуда яқин келди. Чорак финалда япониялик Арата Сонодани 6:0 ҳисобида мағлуб этган полвонимиз, ярим финалда қирғизистонлик Мурат Рамоновга имкониятни бой бериб қўйди. Учинчи ўрин учун кечган баҳсда эса тожикистонлик Муроджон Тўйчиевдан устун келиб, бронза медали совриндори бўлди. Эслатиб ўтамиз, биринчи кунги баҳсларда Рашид Қурбонов (-74 кг, эркин кураш), Зуҳра Мастонова (-53 кг, аёллар кураши) ва жароҳат олган Елмарат Тасмуратов ўрнига баҳсларга киришган Феруз Тўхтаев (-59 кг, юнон-рим кураши) бронза медалларига сазовор бўлган эдилар. Шу тариқа, қитъавий саралаш мусобақаларининг икки кунлик якунларига кўра ҳамюртларимиз томонидан 1 та кумуш ва 4 та бронза медаллари қўлга киритилди. | |
|